Тарихи уч минг йилдан зиёд бўлган миллий спорт туримиз – белбоғли кураш бугун дунё бўйлаб тобора кенг қулоч ёймоқда. Ўзида мардлик, ҳалоллик, жасурлик, ватанпарварлик каби фазилатларни мужассам этган ушбу спорт тури 2017 йилда Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида ўтказилган ёпиқ иншоотлардаги ва жанговор санъатлар бўйича Осиё ўйинлари дастуридан жой олди. Унда ўзбекистонлик полвонлар терма жамоамизга энг кўп медалларни тақдим этишди.  Россияда бўлиб ўтган Бутунжаҳон Универсиадасида ҳам белбоғли курашчиларимиз энг кўп медалларни қўлга киритишга муваффақ бўлди. Қисқача айтганда, ҳар йили ўтадиган ёшлар, ўсмирлар ва катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари, халқаро турнирларда полвонларимиз муносиб иштирок этиб келишмоқда.  Белбоғли курашни дунё миқёсида кенг оммалаштириш мақсадида жорий йил 27 сентябрда Литванинг Вильнюс шаҳрида Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси (ЖБКА)га асос солинди ва расман Европа Иттифоқида рўйхатдан ўтказилди. Янги халқаро спорт ташкилотига ҳамюртимиз Азизбек Абдухалилович Ғаниев раис этиб сайланди.

crossmenuarrow-left