“ҚЎҚОН ВА СПОРТ” ШИОРИ ОСТИДА ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ ЎТКАЗИЛДИ

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги маданият ва истироҳат боғида жойлашган қадимий "Ўрда" майдонида илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Қўқон ва спорт” шиори остида белбоғли кураш бўйича 2005-2006 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.
Юқори савияда ўтган ушбу жаҳон чемпионатида Россия, Муғулистон, Озарбайжон, Беларусь, Исроил, Грузия, Ҳиндистон, Молдова, Руминия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби дунёнинг 20 га яқин давлатларидан 200 га яқин энг сара полвонлари иштирок этишди.

Чемпионатда белбоғли кураш бўйича ўғил болалар - 42, - 45, - 50, - 55, - 60, - 65, - 71, - 77 , - 85, - 95, + 95 кг. вазн тоифаларида куч синашишган бўлишса, қизлар - 44, - 48, - 52, - 57, -63, - 70, +70 кг. вазнларда ғолиблик учун баҳс олиб боришди. Мусобақа регламентига кўра куннинг биринчи ярмида саралаш босқичи ўтказилган бўлса, куннинг иккинчи ярмида ярим финал, финал беллашувларида кучлилар аниқланди. Чемпионат доирасида мусобақанинг тантанали очилиш маросими ҳам ташкил этилди. Мазкур очилиш маросимида Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Абдихалилович Ғаниев иштирок этиб, полвонларга омад тилади. Шунингдек, очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Абдулла Асланов,Фарғона вилоти ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов,, Осиё белбоғли кураш конфедрацияси президенти Мўминхўжа Муратов, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров ва бошқалар иштирок этишди. Маросимда хориждан ташриф буюрган спорт делегатларга мезбонлар томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари берилди.
Жаҳон чемпионати баҳслари якунлангач, ғолиб спортчилар тантанали тарзда тақдирланишди. Ҳар бир вазн тоифасида биринчи ўринни қўлга киритган спортчиларга 5 миллион сўм, иккинчи ўринга эга бўлган спортчиларга 3 миллион сўм, иккита учинчи ўринни эгаллаган полвонларга 2 миллион сўмдан пул мукофотлари ҳамда диплом ва медаллар топширилди.

crossmenuarrow-left