БРАЗИЛИЯДА ЎЗБЕК БЕЛБОҒЛИ КУРАШИ БЎЙИЧА ПАН АМЕРИКА КОНФЕДРАЦИЯСИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ  

Яқинда Бразилия давлатининг Сан  - Паулу шаҳрида  жаҳон белбоғли кураш ассоциациясининг  (ЖБКА) навбатдаги таъсис конгресси бўлиб ўтди.

Ўзбек миллий белбоғли курашининг халқаро аренадаги нуфузу ва оммавийлигини янада ошириш, ер шарининг барча қитъаларида белбоғли кураш спорт турини кенг ривожлантириш мақсад қилинган  мазкур конгрессда ҳамюртимиз,  жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Абдихалилович Ғаниев ҳамда ЖБКА бош котиби Артурас Вилейта иштирок этди.

Айнан жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси (ЖБКА) президенти Азизбек Ғаниевнинг раислигида ўтган конгрессда дастлаб, жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси томонидан белбоғли курашни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга оид ахборотлар тингланди. Ташкилий масалалар, хусусан, ижроқум сафини кўпайтириш, шунингдек,  таъсис йиғлишдаги асосий масала - Пан Америка белбоғли кураш конфедерациясини тузиш таклифи кўриб чиқилди ва маъқулланди. Бир овоздан  Пан Америка конфедерациясининг раҳбарияти қуйидаги таркибда  сайланди:

Пан Америка белбоғли кураш конфедерацияси президенти этиб бразилиялик Хозе  Жильдемар  Клементино Де Карвалью  сайланди. Янги тайинланган ушбу конфедерация презитенти  белбоғли курашлар бўйича 6 - ДАН соҳиби, мураббий, 600 нафар спортчилари бор бўлган “ADSA” академияси президенти саналади.

Пан Америка белбоғли кураш федерацияси вице-президенти этиб бразилиялик Маркос Хосе Хунгаро  тайинланди. Хунгаро спорт ассоциацияси президенти, турли шаҳарларда 2 та жанг санъати академиялари эгаси, 480 нафар спортчининг мураббийи, Рибейран-Пиреш шаҳар таълим вазири ёрдамчиси, жисмоний тарбия бўйича малакали мутахассис, жисмоний маданият доктори ҳисобланди.

Пан Америка белбоғли кураш федерацияси бош котиби этиб эса  яна бир Бразилия фуқароси  Жоао Шиффер тайинланди. У халқаро жанг ташкилотларида кўплаб лавозимлар эгаси, шулар қаторида вице-президент ва бошқарув аъзоси, халқаро курашларни ривожлантириш соҳасида 20 йиллик тажрибага эга, Сан-Паулудаги “Circulo Militar” спорт директори.

Бразилияга ташриф доирасида Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси раҳбарияти  ва  Пан Америка конфедрацияси вакиллари иштирокида  Санто-Андре ва Сан-Паоло шаҳарларининг спорт бўйича вазири, жаноб Марсело Черрадзе, спорт директори  Жилберто Краузер ва парламент аъзоси, Осаско шаҳрининг спорт бўйича котиби жаноб Даниэль Кан билан учрашув ўтказишди ва спортнинг белбоғли кураш турини  ривожлантириш бўйича долзарб масалалар атрофлича муҳокама этилди. Мунозаралардан сўнг томонлар  белбоғли курашни Пан Америка қитаъсида  ривожлантириш бўйича келишувга эришилди ва қитъада семинарлар, турнирлар ҳамда чемпионатлар ўтказишга қарор қилинди. Учрашув доирасида ЖБКА президенти Азизбек Ғаниев томонидан бразилиялик расмийларга эсдалик совғалари топширилди.

Самарали тарзда ўтган конгрессдан сўнг жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси (ЖБКА)  етакчилари янги тузилган Пан Америка конфедерацияси аъзолари  ҳамрохлигида  «ADSA Academia» жанг санъати академиясида белбоғли кураш бўйича биринчи Пан Америка семинарини ҳам ўтказдишди. 600 нафар спортчилар иштирок этган мазкур  семинарда маҳаллий мураббийлар, спортчилар ва ҳакамларга Ўзбек қадимий спорт тури бўлган белбоғли кураш тўғрисида назарий маълумот берилди. Белбоғли курашнинг турли  усулларини қўллаган ҳолда  кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.

Қувонарлиси, маҳаллий спорт клубларида белбоғли кураш бўйича машғулотлар ўтказилиши бошлаб юборилди, янги ташкил этилган Пан Америка белбоғли кураш конфедрацияси томонидан халқаро семинар ва турнирларни ташкил этиш ишлари режалаштирилмоқда ва ушбу тадбирларга доир ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилганидан сўнг халқаро белбоғли кураш ассоциациясининг (ЖБКА) тақвим - режасига киритилади.

Таъкидланишича, белбоғли курашни ривожлантириш бўйича Бразилиянинг Санто-Андре ва Сан Паоло шаҳарларини танлангани бежиз эмас. Боиси, ушбу шаҳарлар  дунёда спорт турларини ривожлантиришда юқори ўринда туради. Демак,  белбоғли кураш спорт тури Пан Америка қитъасига ушбу шаҳарлар орқали дадил  кириб бориши кенг оммалашишга  хизмат қилади. Натижада, шу қитъада яшаётган бир миллионлаб  одамлар спортнинг белбоғли кураш тури билан яқиндан танишиш ва шуғулланиш имкониятига эга бўлади.

 Шу ўринда таъкидлаш жоиз, 2021 йилда фаолиятини бошлаган жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси (ЖБКА) томонидан, янаям аниқроғи ЖБКА президенти Азизбек Абдихалилович Ғаниевнинг ташаббуси ва бевосита кўмаги билан  дунёнинг европа, осиё, Пан Америка қитаъларида  белбоғли кураш конфедрациялари очилгани  ва юқори хайрихохлик билан қизиқиш билдирилаётгани белбоғли кураш билан шуғулланувчи ёшлар сони жаҳон бўйлаб янада ошаётганидан далолат беради. Фикримизга исбот тариқасида ЖБКА ташкил этилган буён айнан ЖБКА президенти Азизбек Абдихалилович  Ғаниевнинг саъй –ҳаракатлари билан дастлаб, 2021 йил октябрь ойида спорт тарихида илк бор белбоғли кураш бўйича европа чемпионати ўтказилди ва ушбу чемпионат доирасида европа белбоғли кураш конфедрацияси ташкил этилди. 2021 йилнинг ноябрь ойида Жиззах шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун жаҳон чемпионати ўтказилиб, жаҳон чемпионати арафасида Осиё белбоғли кураш конфедрацияси тузилди. Энди эса Пан Америка белбоғли кураш конфедрацияси расмий иш бошлади. Навбат Африка белбоғли кураш конфедрациясини ташкил этиш. Дарвоқе, жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Ғаниев Бразилиядан мамлакатимизга қайтибоқ, Америка қўшма штатларига жўнаб кетди. Мақсад, АҚШнинг Нью-Йорк, Вашингтон каби йирик шаҳарлари спорт мутасаддилари билан учрашиб,  Ўзбек спорти -миллий белбоғли курашимизни АҚШда ҳам оммалаштириш йўлида бир қатор ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади.    

Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистонимизда барча соҳалар қатори спорт соҳасида, хусусан, миллий спорт туримиз саналаган белбоғли курашда ҳам янги саҳифалар, янги тарих  очилмоқда. Жаҳон белбоғли кураш ассоциациясининг бош мақсади - мамлакатимиз ҳамда жаҳонда  белбоғли кураш спорт турининг ёшлар орасида  оммавийлигига эришиш, белбоғли курашни дунё халқларининг севимли спорт турига айлантириш ва албатта Ўзбек белбоғли курашини ёзги олимпия ўйинлари тақвим-режасига киритишдан иборат бўлади.   

crossmenuarrow-left